Қорақалпоғистон тараққиётида янги саҳифа очилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташриф буюрди.

Бу гал янгиликлар, ўзига хос жиҳатлар кўп. Хусусан, биринчи рақамли борт илк бор Тошкентдан Мўйноққа келди.

Маълумки, Мўйноқ мамлакатимизнинг олис ҳудудларидан бири. Энг яқин шаҳар – Қўнғиротгача 100, Қорақалпоғистон маркази – Нукусгача 200 километр масофа бор. Бу коммуникацияда қийинчилик туғдириши табиий. Шу боис мўйноқликларнинг ҳаёти, шароитларига давлатимиз раҳбарининг эътибори бошқача. Бу ҳудудни ривожлантириш бўйича иккита қарор қабул қилиниб, манзилли дастурлар амалга оширилган. Президентимизнинг ўзи ҳам Мўйноққа икки марта – 2018 ва 2019 йилларда ташриф буюрган. Ўшанда бу ерда транспорт коммуникацияларини яхшилаш бўйича кўрсатма берилган эди. Шунга мувофиқ, автомобиль йўллари таъмирланди. Мўйноқ аэропорти янгиланиб, ишга туширилди.

Бу “ҳаво порти” 1947 йилда қурилган бўлиб, илгари кичик самолётларни қабул қилган. Кейинчалик умуман ишламай ҳам қолган эди. Бугун ҳаётга қайтган бу аэропортга илк бор Ўзбекистон Президентининг самолёти келиб қўнди.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланган. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилган.

Президент шу ерда мўйноқлик ёшуллилар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар билан учрашди.

– Охирги беш йилда кўп нарсани ўргандик, илгари ишонилмаган нарсаларга ишондик. Мен биринчи келганимда «маданият Мўйноқдан бошланади» дегандим. Шундай бўлаяпти. Мана шу аэропорт ҳам бир мисол. Энди Тошкент – Мўйноқ – Нукус авиақатнови йўлга қўйилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ташрифдаги яна бир янгилик – Оролбўйини биргаликда ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси туманлари муайян вилоятларга бириктирилган. Президент бунинг сабаби ва аҳамиятини тушунтириб берди.

– Оролбўйида аҳвол ёмон деб кўпчилик гапиради. Лекин ҳамма ҳам бу ерга келиб кўрмаган. Оролнинг ҳавосидан нафас олиши, шароитни кўриб, адолатли баҳо бериши учун бу ерга бутун республикадан раҳбарларни юбордим. Қорақалпоғистон ривожига катта маблағ йўналтирамиз, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Мўйноқдаги долзарб масалалар, келгуси ишлар бўйича аҳоли фикрини сўради.

– Бу ерда қийинчиликларда тобланган, меҳнаткаш одамлар яшайди. Фақат уларга ишлаш учун шароит яратиб беришимиз керак. Лекин қандай корхона қурамиз? Нима ишлаб чиқарамиз? Унинг бозори нима бўлади? Самолёт келгани бежиз эмас. Энди маҳсулотларни ташиш осонлашади. Шунинг учун сизлардан илтимосим: аччиқ, асосли, манфаатли гапларни айтинглар. Биргаликда яқин икки йилга аниқ режаларни белгилаб олишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жамоатчилик вакиллари ҳудуддаги муҳим масалалар бўйича ўз таклифларини билдирди. Президентимиз уларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга топшириқлар берди. Қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан бирга хизмат турларини кенгайтириш, хусусан, кўнгилочар ўйинлар учун солиқ имтиёзлари бериш зарурлигини таъкидлади. Бу ички туризм ривожига, иш ўринлари очилишига хизмат қилади.

Мўйноқ туманига Тошкент вилояти бириктирилган. Учрашувда ушбу вилоят тадбиркорлари томонидан Мўйноқ туманида амалга ошириладиган ишлар ҳақида аҳоли вакиллари олдида тақдимот ўтказилди. Қайд этилганидек, бу ерда истироҳат боғи қурилади, қўшимча қувур тортиб келинади. Кексалар санаторийга, болалар оромгоҳларга юборилади. Давлатимиз раҳбари аҳоли саломатлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу ерга келиб ишлайдиган шифокорларга ойлик устамалар бериш, уй билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган жойига бориб, вазиятни кўрди.

Қорақалпоғистон халқи ҳаёти, умуман, катта минтақадаги экология шу муаммога боғлиқ. Бир пайтлар денгиз ва унга туташ дарёлар, яйловлар одамларга ризқ улашган, иш, даромад манбаи бўлган. Лекин табиат қонунларига аралашиш, Амударё ва Сирдарё сувини тўсиш дунёдаги оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди. Минтақамизда чўлланиш ва шўрланиш даражаси кескин ортди. Ўсимлик ва ёввойи ҳайвонлар тури камайиб кетди.

Глобал исиш муаммоси кучайиб, ёғингарчилик камаяётган бугунги асримизда Орол денгизини қутқариш тобора имконсиз бўлиб бормоқда. Бундай шароитда ягона йўл – борини асраб қолиш, фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини осонлаштириш.

Давлатимиз раҳбари бу бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида гапирди, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Шу билан бирга, ўз имкониятларимизга таяниб, амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда.

Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, катта ҳудудга тарқалар эди. Шавкат Мирзиёев 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаган эди.

Давлатимиз раҳбарига шу борада қилинган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Ўтган йилларда денгизнинг сув қуриган қисмида 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчи қатнашиб, 1 минг 600 дона техника, самолётлар жалб этилган.

Бу хайрли, долзарб ҳаракат давом эттирилмоқда. Жорий йилда 100 минг гектар майдонда “яшил қоплама” барпо қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда шундан 26 минг гектарида иш бошланган, 562 тонна уруғ тайёрланган. Шунингдек, 100 гектар майдонда кўчатхона ташкил қилинмоқда.

Президентимиз бу ерда экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан суҳбатлашди.

– Биз шу мураккаб шароитда экиш бўйича катта тажриба орттирдик. Бу ерга ўзим келишимдан мақсад – энди бу ишларни илмий асосланган тарзда давом эттирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Илмий изланишлар қилиб, ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тахтакўпир туманидаги “Белтов” овул фуқаролар йиғинида ҳам бўлди.

Бу ерда мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган ҳудуднинг илгари шароити оғир эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилгач, овул қиёфаси ўзгарди.

Фуқаролар йиғини идораси, маданият маркази, шифокорлик пункти, мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланди. Ҳаммом қурилди. Янги қувурлар тортилиб, ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Кўчаларга қум-шағал аралашмаси ва қора қоплама ётқизилди. “Оржап” каналида пиёдалар кўприги қурилди, йўлаклар, ариқлар тартибга келтирилди. 5 километр электр тармоқлари янгиланиб, трансформатор ўрнатилди.

Шавкат Мирзиёев овулдаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан мулоқот қилди.

– Охирги йилларда Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор бериб, катта куч ва ресурсларни жалб этганимиз ўз натижасини бераяпти. Одамлар йўлимиз тўғрилигига ишонди. Энди янги марралар қўйганмиз. Қорақалпоғистонга ҳамма раҳбарларни олиб келдик. Бунақаси тарихда бўлмаган. Улар маблағи, жамоаси билан келиб, аниқ лойиҳалар ишлаб чиқаяпти. Тахтакўпирнинг ҳам аввалги мавқеини тиклашимиз зарур, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари аёллар турмушини яхшилаш масаласига алоҳида тўхталди.

– Юртимизда аёллар кўз ёши тўкмайдиган жамият қуришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди. Улар маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш борасидаги таклифларини билдирди.

Президентимиз шу ерда журналистлар билан ҳам суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев Шуманай туманидаги “Шуманай экотекс” корхонаси фаолияти билан танишди.

2020 йилда ишга туширилган ушбу корхона 7 минг тоннадан зиёд ип-калава тайёрлаш қувватига эга. Ўтган йили 51 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 5 миллион долларлик экспорт қилинган.

Шу пайтгача ҳудуддаги энг катта муаммо ишсизлик эди. Мазкур корхона аҳоли, айниқса, хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашда муҳим роль ўйнади. Бу ерда 500 та иш ўрни ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди, ишчилар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга корхонада пахтани қайта ишлашнинг кейинги босқичларини ўзлаштириш бўйича кўрсатма берилди.

– Бу маъқул. Лекин туманда ишсизлар бўлмаслиги учун бундай корхоналар уч-тўртта бўлиши керак. Саноатнинг бошқа йўналишларида ҳам лойиҳалар топиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда тумандаги “Баҳром Илғор Кластер” масъулияти чекланган жамияти ҳақида маълумот берилди. Кластернинг 743 гектар ери лазер орқали текисланган. Шундан 100 гектарида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилган.

– Аҳолига даромад манбаи яратиш, ялпи ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Бунинг учун нима керак? Аввало, сув керак. Қорақалпоғистонда сув ва ер ҳисоби долзарб. Агар саранжом қилиб, иқтисод қилиб фойдаланилса, сув етади. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги маданиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш керак, – деди Президент.

Шуманай туманига бириктирилган Хоразм вилояти тадбиркорларининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбирлари

Мавзу

Президент ташрифлари
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга ошиш жараёни билан танишиш мақсадидаги ташрифлари.