Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни амалга ошириш мақсадида алоҳида Агентлик ташкил этилди. Соҳада бошлаган ишларимизни давом эттириб, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш янада кучайтирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида бу ҳақда алоҳида таъкидлади. – Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва тўлиқ ҳимоя қилишни ҳам энг устувор вазифа сифатида белгиладик. Икки йил аввал Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилинди ва тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиб сайланди. Ўзбекистонни қонун ва адолат мустаҳкам қарор топган демократик мамлакатга айлантириш, мустақил ва кучли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш – энг олий мақсадларимиздан бири сифатида кун тартибига қўйилди, – деди Президент. ЎзА Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми нутқ http://uza.uz/posts/357657

Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, дунёвий ва диний илмларнинг улуғ намояндалари бугунги кунда ҳам бутун инсониятга хизмат қилаётган ноёб кашфиёт ва бебаҳо асарлар яратиб, уларни жаҳон аҳлига мерос қилиб қолдирганлар.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида алоҳида таъкидлади.
Мисол учун, ҳозирги даврда ҳам долзарб бўлган карантин тушунчасини Европада “Авиценна” номи билан танилган аждодимиз, буюк шифокор Абу Али ибн Сино бундан минг йил муқаддам биринчи бўлиб амалиётга жорий қилгани тарихдан яхши маълум. Машҳур давлат арбоби, айни пайтда буюк астроном бўлган Мирзо Улуғбек эса 15-асрдаёқ Самарқандда расадхона қурдириб, мингдан ортиқ юлдузларнинг энг тўғри координатларини аниқлаб, илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган.

– Замонавий инновацион ва блокчейн технологиялари ва сунъий интеллект негизини ташкил қилувчи алгоритм атамаси яна бир улуғ аждодимиз – Муҳаммад Ал-Хоразмий номи билан боғлиқ эканидан сизлар, албатта, хабардорсиз, – деди давлатимиз раҳбари. Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади. Биз “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттирмоқдамиз. Бундан 5 йил аввал биз Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиб, унинг доирасида кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлини танладик.

Ушбу ислоҳотлар дастури давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олиб, қонун устуворлигини таъминлаш, рақобатни ривожлантириш, коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш каби муҳим йўналишларни ўзида мужассам этган. Биз биринчи навбатда, илгари инвесторларни Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омилларни бартараф этиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар ярата бошладик.

Давлатимиз раҳбари инвесторлар учун яратилган кенг шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, 2017 йилда миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертациясини жорий қилиб, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш билан боғлиқ барча чекловлар олиб ташлангани қайд этилди.

Банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқдилар. Дунё бозорларига миллий валютамизда ҳам халқаро облигациялар чиқарилди.

– Шу билан бирга, биз банк-молия соҳасидаги ислоҳотларимизни тизимли равишда давом эттириш зарурлигини, албатта, яхши тушунамиз. Мамлакатимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имкониятини яратдик,– деди Президент. Яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон минтақадаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

 

ЎзА