Масаланинг моҳиятига кириб, ўз иш фаолиятини ўзгартирмаган раҳбарларга қатъий чоралар кўрилади – Президент

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, Урология ва Онкология марказлари апрель ойида вилоятларда бор-йўғи 5 тадан, Акушерлик ва гинекология маркази эса 15 та юқори технологик операция ўтказишни режа қилган.

Ёки, Кўз микрохирургияси маркази ходимлари ҳар ойда жойига чиқиб 50 тадан операция ўтказгани билан, апрелда ҳудудга борганда атиги 3 нафар мутахассиснинг малакасини оширмоқчи.

–Барча марказлар раҳбарларини қатъий огоҳлантираман. Агар ўзи бошчилигида жойларга чиқиб, янги даволаш амалиётларини ўтказмаса,  юқори технологик операцияларни ҳудудларда жорий этмаса, вилоят ва туман мутахассисларини бунга ўргатмаса, ўзгариш бўлмайди. Одамларимиз сарсон бўлиб, пойтахтга келаверади,– деди Президент.

Шу боис, апрель марказлар раҳбарлари учун чинакам синов ойи бўлиши, масаланинг моҳиятига кириб, ўз иш фаолиятини ўзгартирмаган раҳбарларга қатъий чоралар кўрилиши кўрсатиб ўтилди.