Видеоселектор йиғилишида маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори маълум қилинди

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ўтказилган текширишларда республика бўйича 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилингани қайд этилди.

Жумладан, Бухоро давлат музейида жами 31,5 миллиард сўмлик 81 та маданий бойликлар қалбакиларига алмаштириб қўйилгани аниқланган. “Ичан-Қалъа” давлат музей фондида жами 101 та музей ашёлари аслига тўғри келмаслиги маълум бўлди.

Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан ошган.

Шу боис, Бош прокурор ва туризм вазири бошчилигидаги комиссияга:

– барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, йил якунига қадар уларнинг электрон базасини яратиш;

– музейлар раҳбар ва ходимларининг билим ва малакасини баҳолаб, лавозимига нолойиқ раҳбарлар ўрнига билимли, ҳалол ва тадбиркор ёшларни қўйиш топширилди.

–Бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлади, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари вилоят ҳокимларига бир ой муддатда 52 та таъмирталаб музейга шахсан бориб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўрсатма берди.

Тошкент шаҳар ҳокимига 1 октябрга қадар хориждан жалб қилинган малакали экспертлар билан бирга Темурийлар тарихи, Ўзбекистон тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозициясини замон талабларига асосан янгилаш бўйича ишларни бошлаш топширилди.

Бу тажриба асосида республикадаги бошқа музейлар ҳам янгиланади.

Ҳозирда музейлардаги 105 минг дона экспонат реставрацияга муҳтожлиги қайд этилди. Йил якунига қадар музей биноларини таъмирлаш ҳамда ашёларни реставрация қилиш учун музейларда 15 та реставрация лабораториясини ташкил қилинади.

Шу билан бирга, музейларнинг кўргазма майдонлари камлиги сабабли атиги 1 фоиз (143 мингта) экспонат намойишга қўйилган.

Бундан ташқари, барчанинг ҳам Савицкий каби музейларга бориш имконияти йўқ.

Шу муносабат билан “Санъатни халққа яқинлаштириш” дастури доирасида ҳудудларда музейларнинг кўчма кўргазмалари ташкил қилинади.

ЎзА