Саноат зоналарига лойиҳани жойлаштириш тартиби қайта кўриб чиқилиб, бюрократиядан холи янги тизим яратилади

Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда саноат зоналарига лойиҳани жойлаштириш тартиби қайта кўриб чиқилиб, бюрократиядан холи янги тизим яратилиши таъкидланди. Жумладан:

– эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар вазирлигига ўтказилади;

– саноат зоналари бўйича маъмурий кенгашлар тугатилиб, уларнинг ваколатлари Инвестициялар вазирлигига берилади;

– саноат зоналари иштирокчиларига имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилинади. Бундан буён назоратни Давлат божхона қўмитаси амалга оширади;

– саноат зоналаридаги ерлар аукционга дирекциялар томонидан чиқарилади (ҳозирда ҳокимлик томонидан аукционга қўйилади);

– инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин кичик саноат зоналаридаги объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.

Буларнинг ҳисобига саноат зоналарига лойиҳаларни жойлаштириш жараёнидаги босқичлар амалдаги 5 тадан 2 тага камаяди, сарф қилинадиган вақт 3 ойдан 1 ойгача қисқаради.

Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида узоқ йиллар фаолият юритаётган ва ҳозирда ер ва бино-иншоотларга ҳуқуқи ҳал бўлмаган 2 мингдан зиёд тадбиркор мавжуд. 

Бир ой муддатда саноат зоналарида жойлашган тадбиркорларнинг ер ва бино-иншоотлари билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Шунингдек, бугунги кунда фармацевтикага ихтисослашган 5 та эркин иқтисодий зонанинг 40 фоиз ер майдони бўш тургани кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлар ушбу бўш майдонларда бошқа саноат лойиҳаларини ҳам амалга оширишга рухсат беришни сўрашмоқда.

Шу боис мутасаддиларга фармацевтика иқтисодий зоналари фаолиятини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Бу имкониятлардан фойдаланиб, 50 та янги лойиҳани бошлаш кераклиги таъкидланди.

ЎзА